Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Музей эмас, келажак тажрибаси: Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги Давлат котиби Ўзбекистоннинг рақамли мерос моделига баҳо берди

Дунё бўйлаб музейлар тарихий меросни рақамли технологиялар ёрдамида қайта талқин қилишга интилар экан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шундай замонавий ёндашувларни намоён этаётган муассасалардан бири сифатида халқаро меҳмонлар эътиборини тортмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказга ташриф буюрган Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги Давлат котиби Эйвинд Вад Петерссон бошчилигидаги делегация музейларда рақамли технологиялардан фойдаланиш маданий меросни замонавий аудиторияга етказишнинг самарали воситасига айланаётганини таъкидлади. Нуфузли делегация аъзолари фикрича, бу каби ёндашувлар маданий дипломатия ва рақамли мерос соҳасидаги янги глобал тенденцияларнинг бир қисми бўла олади.

Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги Давлат котиби Эйвинд Вад Петерссон бошчилигидаги делегациянинг Марказга ташрифи давомида меҳмонлар тарихий қўлёзмалар, ноёб экспонатлар ва интерактив мультимедиа ечимлари билан танишди.

Ташриф чоғида делегация аъзолари, айниқса, музей экспозицияларида анъанавий тарихий мерос билан рақамли технологияларнинг уйғунлаштирилганига алоҳида эътибор қаратди.

Сўнгги йилларда дунёнинг етакчи музейлари ташриф буюрувчилар билан мулоқотни кучайтириш мақсадида сунъий интеллект, рақамли реконструкция, мультимедиа ва интерактив визуализация каби технологияларни жорий этмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ҳам шу каби ёндашув қўлланилган. Экспозицияларда тарихий манбалар замонавий рақамли ечимлар билан бойитилган бўлиб, ташриф буюрувчиларга маълумотларни кўриш билан бирга улар билан интерактив тарзда танишиш имкони яратилган.

Делегацияда энг катта қизиқиш уйғотган экспозициялардан бири «Буюк сиймолар галереяси» бўлди. Бу ерда 14 та равоқ остида жойлаштирилган рақамли аватарлар буюк алломалар образини жонлантириб, уларнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳақида ўн тилда ҳикоя қилади.

Мутахассислар фикрича, бундай формат тарихий меросни, айниқса, халқаро ташриф буюрувчилар ва ёш авлод учун янада тушунарли ва қизиқарли шаклда тақдим этиш имконини беради.

Марказ экспозициялари билан танишгач, Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги Давлат котиби Эйвинд Вад Петерссон Марказ ҳудуднинг бой тарихи ва Марказий Осиё алломаларининг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини замонавий технологиялар ёрдамида самарали намойиш эта олганини таъкидлади.

 Эйвинд Вад Петерссон, Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги Давлат котиби:

– Бу жуда улкан, кенг кўламли ва чуқур таассурот уйғотадиган маскан экан. Ушбу ҳудуднинг бой тарихи, инсоният тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳамда айнан шу заминдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илм-фан соҳасидаги ютуқлари билан танишиш мен учун жуда катта таассурот қолдирди. Бу ҳақиқатан ҳам замонавий музейнинг ёрқин намунаси. Айниқса, тарихий экспонатларни энг сўнгги технологиялар билан уйғунлаштириш орқали яратилган ёндашув мени чуқур ҳайратга солди. Бу ерда тарих нафақат намойиш этилади, балки замонавий воситалар орқали янада таъсирчан ва жонли тарзда намоён бўлади. Мен барчага бу масканга ташриф буюриб, уни шахсан кўриш ва кашф этишни тавсия этган бўлардим.
Мени энг кўп ҳайратлантирган жиҳат — музейнинг анъанавий қиёфаси замонавий технологиялар билан ғоят муваффақиятли уйғунлаштирилганидир. Бу эса уни, айниқса, ёш авлод учун янада қизиқарли, очиқ ва тушунарли қилган.

Маданий дипломатиянинг янги воситаси

Халқаро экспертлар фикрича, музейлар бугунги кунда фақат экспонатлар сақланадиган жой эмас, балки мамлакатларнинг маданий дипломатияси, тарихий хотираси ва «юмшоқ куч» сиёсатида муҳим ўрин тутаётган институтларга айланмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида жорий этилган интерактив ва мультимедиа ечимлари мамлакатнинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини халқаро аудиторияга замонавий тилда етказишга қаратилган ёндашув сифатида намоён бўлмоқда.

Марказ экспозицияларида буюк алломаларнинг илмий мероси, тарихий қўлёзмалар ва маданий бойликлар рақамли форматда тақдим этилиши Ўзбекистоннинг маданий меросни сақлаш билан бирга уни янги технологиялар орқали оммалаштиришга ҳам устувор аҳамият қаратаётганини кўрсатади.

Норвегия делегациясининг ташрифи давомида билдирилган фикрлар ушбу ёндашув халқаро меҳмонлар томонидан ҳам ижобий қабул қилинаётганини намоён этди.

Замонавий музейшунослик тобора рақамли технологиялар билан боғланиб бораётган бир шароитда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарихни фақат сақлаш эмас, балки уни замонавий воситалар орқали «сўзлатиш» мумкинлигини кўрсатувчи янги маданий платформа сифатида шаклланмоқда.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1380526.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1121729.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
901927.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.